18 октябрь куни пойтахт ҳокими «Тошкент шаҳрида 2016−2017 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш тўғрисида"ги қарорга имзо чекди, хабар берди шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Қарорга кўра, совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши муносабати билан аҳолига қулайликлар яратиш, ижтимоий соҳа объектларида хизмат кўрсатиш шароитларини яхшилаш мақсадида пойтахтда марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлашга ўтилади.

Ҳужжатда иссиқлик таъминоти ва ижтимоий соҳа объектлари раҳбарларига туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, таълим муассасалари, касалхона ва поликлиникаларни 19 октябрдан, аҳоли турар-жой биноларини эса 20 октябрдан мунтазам иситишга киришишни ташкил этиш топширилган.

«Тошкент иссиқлик электрмаркази», «Toshkent issiqlik markazi» ва «Тошиссиққуввати» корхоналарига 2016−2017 йилги иситиш мавсуми даврида узлуксиз табиий газ, сув таъминоти ва электр энергиясини етказиб бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмасига кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти тизимининг барқарор ишлаши учун мутасадди ходимлар ва аҳоли томонидан қоидаларнинг бузилишига йўл қўймасликни назорат қилиш вазифаси юклатилган.