Туркманистон Межлиси (парламенти) қарори билан мамлакатда Президент сайлови санаси 2017 йилнинг 12 феврали этиб белгиланди. Бу ҳақда Туркманистон Давлат ахборот агентлиги хабар қилди.

«Мазкур сайлов кампаниясида учта партия иштирок этади. Туркманистон Демократик партиясидан ташқари унда Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси ҳамда Аграр партияси қатнашади», — дейилади хабарда.

Сентябрда Туркманистон Межлиси мамлакатнинг янги конституциясини қабул қилди. Унда президентлик муддати беш йилдан етти йилган узайтирилди. Шунингдек, янги қонунда мамлакат президентлигига номзоднинг 70 ёшдан ошмаслиги бўйича чегара олиб ташланди. Туркманистоннинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ваколати 2017 йил февралда якунига етади.