15 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг VIII Қурултойи делегатлари партия сиёсий кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Мажитович Умаров номзодини декабрда ўтадиган Президент сайловига номзод сифатида илгари суришни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда партия матбуот хизмат «Газета.uz"га хабар қилди.

Қурултой иштирокчилари Наримон Умаров етарли ҳаётий тажрибага эгалиги, сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонганини инобатга олган ҳолда бўлажак сайловда иштирок этиш учун муносиб номзод эканини қайд этиб ўтишди.

Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатни ҳар соҳада ривожлантириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқ учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш каби устувор ғоя ва мақсадлар мужассам этган.