Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП)нинг бош вазир Шавкат Мирзиёев номзоди Президентликка расман илгари сурилиши кутилаётган VIII съезди санаси 14 дан 19 октябрга кўчирилди.

Партия матбуот хизматининг хабар қилишича, бундай қарор 11 октябрь куни ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишида партия Уставига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилаётгани муносабати билан қабул қилинди. Хабарда сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларида билдирилган барча таклифларни чуқур таҳлил этиш ва умумлаштириш учун қўшимча вақт талаб этилиши айтиб ўтилди.

Йиғилишда партиянинг босма органи бўлмиш «XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси фаолиятини янада жонлантириш, тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган масалаларни кенгроқ ёритиш борасидаги ишларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди. Партия газетасида мавжуд рукнларни қайта кўриб чиқиш, замон талабларига мос келмайдиган мавзуларни ёритишдан воз кечиш, бугунги кун тадбиркорини ўйлантираётган долзарб йўналишларга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.