Ўзбекистон Президенти в. б., бош вазир Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Сурхондарёга ташрифи чоғида Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида маълум қилди. Бош вазир чиқиши «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида намойиш этилди.

«Қўшни Афғонистон президенти [Ашраф Ғани]нинг энг оғир кунларимизда келиб-кетгани бизга, элимизга, президентимизга бўлган ҳурмат белгисидир. Яқинда ташқи ишлар вазири [Абдулазиз Камилов] Брюсселда у билан кўришиб, ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди. Ўйлаймизки, яқинда ТИВ вакиллари Афғонистонга бориб, ҳамкорлигимизни ривожлантириш бўйича катта битимлани имзолайди. Бундан кейин ҳам меҳнаткаш афғон халқи билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун қўлимиздан келгунча ҳаракат қилишимиз керак», — таъкидлади Ўзбекистон Президенти в. б.

Шавкат Мирзиёев Termez Cargo Сentre йирик божхона терминалини бориб кўрди. Афғонистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантириш учун барпо этилган халқаро логистика маркази 300 йирик юк машиналарига мўлжалланган автотураргоҳ, АЁҚС, контейнер ва бошқа юкларни сақлаш учун омборхоналарни ўз ичига олади. Марказга темир йўл ўтказилган бўлиб, шинам меҳмонхона ҳам фаолият юритмоқда.

Бош вазир логистика маркази Афғонистон билан савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда нафақат Сурхондарё, балки бутун Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришига умид билдирди.

«Ҳозир дунёнинг энг катта муаммоси, бу — бозор топиш. Ҳар бир давлат ўз маҳсулотини сотиш бўйича катта ҳаракат қилади», — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Унинг қўшимча қилишича, замонавий шароитларга эга шу каби марказлар барча вилоятларда ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев ҳудудга ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирини кўздан кечирди ва давлат чегараларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини муҳокама қилди.