Ўзбекистон Фанлар Академияси Иммунология институти Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика иммунология илмий марказига айлантирилади. Бу Президент в. б. Шавкат Мирзиёев томонидан 30 сентябрда имзоланган қарорда (PDF) ўз аксини топган.

Қайта ташкил этишдан кўзланган мақсад — иммунология соҳасида илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, уларнинг ўқув жараёни билан алоқасини кучайтириш, иммунология соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларга профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий ходимлар ва талабаларни кенг жалб этишдан иборат.

Инсон организмининг иммунологик ва ирсий асослари, иммун етишмовчилиги ва имунитетга боғлиқ касалликларни тадқиқ этиш марказнинг асосий вазифаларидан. Марказ фармакологияда янги йўналишларни ишлаб чиқиш, самарали миллий фармакологик технологиялар ва иммунотроп дори воситаларини яратиш, уларни амалий соғлиқни сақлаш соҳасида қўллаш бўйича ҳам фаолият олиб боради.

Иммунология институти ходимлари аттестация комиссияси квалификациясидан ўтганидан сўнг янги ташкил этилаётган марказга қабул қилинади.

Тошкентда Иммунология институти 1985 йилда СССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Иммунология институти сифатида фаолитини бошлаган. 1994 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Фанлар Академиясининг мустақил Иммунология институти сифатида тан олинган.