7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

Ўзбекистон раҳбари Россия Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги серқирра фаолиятига муваффақиятлар, Россия халқига тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилади.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича турли даражада Ўзбекистон — Россия мулоқотлари фаоллашаётганини мамнуният билан таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўзаро ҳамкорликка доир бошқа қатор масалалар ва айрим халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.