Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари «Халқаро меҳнат ташкилотининг «Бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини қабул қилиш бўйича ташаббус билан чиқди.

Конвенция 1948 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош Конференциясининг 31-сессиясида қабул қилинган ва 1950 йилда кучга кирган. Мазкур ҳужжат 153 мамлакат томонидан ратификация қилинган.

Конвенцияда ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш, шунингдек, ушбу ташкилотларга кириш ҳуқуқи, ходимлар ва иш берувчи ташкилотларининг ўз уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиши, давлат органларининг бирлашиш ҳуқуқини чекловчи ёки уни қонуний амалга оширишга тўсқинлик қилувчи аралашувидан эркинлик, ходимлар ва иш берувчи ташкилотларни тарқатиб юборишни ёки маъмурий тартибда улар фаолиятини тўхтатиб қўйишни таъқиқлаш, ходимлар ва иш берувчиларга бирлашиш ҳуқуқини эркин амалга ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда фуқароларнинг бирлашиш эркинлиги кафолатлари Конституция ҳамда 20 дан зиёд ҳужжатларда, шу жумладан, «Касаба уюшмалари, улар ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунда ва Меҳнат кодексида мустаҳкамлаб қўйилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда ходимлар манфаатларини 14 тармоқ, 14 ҳудудий, 37 мингга яқин бошланғич касаба уюшма ташкилотларини бирлаштирган ва ўз сафларида 6 млн дан ортиқ аъзога эга бўлган Касаба уюшмалари Федерацияси ифодалайди. 2015 йил октябрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК)нинг ассоциациялашган аъзоси бўлди,

ХМТ 87-сонли Конвенциясининг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотларга янада интеграциялашуви ҳамда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари ҳимоясини халқаро стандартларга мувофиқ таъминлашни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.