Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 6 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. ЎзА хабарига кўра, Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.

Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Олий мартабали меҳмон Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага чуқур ҳамдардлик изҳор этди.

Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида мамлакатга ташриф буюргани учун Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди. Икки халқ ўртасидаги дўстлик муносабатлари бундан кейин ҳам изчил давом этишини, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади.

Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бутун фаолиятини ўз халқи, Ватани равнақига бағишлагани, бугун Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланган, тинч ва барқарор давлатга айланганини қайд этди. Ислом Каримов вафотидан кейинги синовли кунларда Ўзбекистон халқи донолигини, юксак маданиятини ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этганини, шундай буюк заминга ташриф буюрганидан мамнунлигини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан Беларусь раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.