Ўзбекистонда икки ой муддат ичида порахўрликка қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим. Бу ҳақдаги топшириқ 5 октябрь куни Президент в. б. Шавкат Мирзиёев имзолаган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонда кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида», «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида», «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилмоқда.