Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш мўлжалланмоқда. Бу ҳақдаги тавсия 5 октябрь куни Президент в. б. Шавкат Мирзиёев имзолаган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонда келтириб ўтилган.

Мазкур вакил институти қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлади:

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;

давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш.

«Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ушбу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади», — дейилади мазкур фармонга берилган шарҳда.