Ўзбекистонда Korea Festival 2016 бирлашган номи остида бир қатор йирик маданий тадбирлар ўтказилади, деди Корея Республикаси элчиси Квон Ён У «Туркистон-пресс» НАА га берган интервьюсида.

«Корея Республикаси элчихонаси икки давлат халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш мақсадида ҳар йили маданий тадбирларни ўтказади. Бу йили биз Korea Festival 2016 номи остидаги хилма-хил маданий тадбирларга тайёргарлик кўришни кучайтириш таклифини бердик. Фестивалимиз кўплаб ҳодисаларни ўз ичига олиб, 12 октябрь — Кореяга асос солинган кун муносабати билан ўтказиладиган қабулдан бошланади ва 13 октябрда дизайнер Ли Ён Ҳининг корейс миллий либоси -„Ҳанбок“ мода намойиши, 14 ва 15 октябрь кунлари таэквандо бўйича ўсмирлар ўртасида Корея Республикаси элчиси кубоги ташкиллаштирилади», — хабар қилди дипломат.

15 октябрь куни Sookmyung Gayageum ва B-boy иштирокида корейс фьюжн-мусиқалари концерти, 17−20 октябрда — Тошкентда Корейс кинофестивали, 18−21 октябрда — Самарқандда кинофестиваль ва маданий тадбирлар, 19−2ц октябрда — Бухорода кинофестиваль ва маданий тадбирлар, 21 ва 22 октябрда -таниқли рассом Ли Чун Соб ҳаёти ва ижодига бағишланган мусиқали постановка жўрлигидаги кўргазма бўлиб ўтади.

«Korea Festival 2016 дан ташқари Корея Республикаси Таълим маркази йил давомида турли маданий тадбирларни ўтказади, — давом этди элчи. — Нотиқлик санъати, корейс тилидаги шеърлар, корейс анъанавий ўйинлари ва қўшиқлари танловлари, Корея миллий байрамлари билан боғлиқ маросимлар ва бошқалар шулар жумласидан. Ўтган йилдаги каби декабрда Корейс анимациялари кинофестивалини ўтказиш режалаштирилган».

Элчининг фикрича, фаол икки томонлама маданий алмашинувлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикчилик муносабатлар, ўзаро тушуниш, дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Икки мамлакат ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш учун кўнгилли элчилар тайинланди. Ўзбекистон томонидан актриса Наъно Шодиева ҳамда хонанда DJ Piligrim мазкур номга лойиқ кўрилди. 17 октябрь куни Корейс кинофестивали очилишида мазкур вазифага расман тайинлаш маросими бўлиб ўтади. Корейс-ўзбек дўстлигини мустаҳкамлаш мақсадида элчилар Korea Festival 2016 дан бошлаб барча маданий тадбирларда иштирок этади.