Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси ахборот хизмати хабар қилди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг ҳожатманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш, ижтимоий ҳимоя соҳаси тизимидаги асосий тушунчаларни белгилашга қаратилган.

«Социал-иқтисодий ислоҳотлар чуқурлашаётган ва ижтимоий-сиёсий ҳаёт модернизациялашаётган шароитларда кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг имкон қадар манзилли бўлишини қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ «, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Нодир Мухторов.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси аҳолининг ҳожатманд тоифалари манфаатларини қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаш, уларга кўрсатиладиган моддий ва маънавий кўмакнинг сифатини ошириш, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг йўналишларини аниқ белгилаб олишга имкон беради.

«Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, уларни аниқлаш мезонлари, кўрсатилиши мумкин бўлган ижтимоий хизматлар аниқ белгиланади. Бу давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли йўналтирилишини ва, зарур бўлганда, аҳоли тегишли гуруҳларининг жорий эҳтиёжларига қараб маблағлар қайта тақсимланишини таъминлайди «, — таъкидлади депутат.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, ижтимоий хизматлар кўрсатиш мониторингини олиб бориш ва баҳолаш механизмларининг белгилаб олиниши ижтимоий ҳимоя тизимининг жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишига имкон беради, фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига кўмаклашади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини оширади.

Қонун лойиҳасида назарда тутилган идоралараро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик мамлакатимизда ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг тўлиқ рўйхатини тузиш учун асос яратади.