Самарқанд эшкак эшиш каналида ўтказилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё очиқ кубоги ва параканоэ бўйича Осиё чемпионати мусобақалари якунланди, дея хабар қилди ЎзА.

Уч кун давом этган мусобақаларда дунёнинг 14 давлатидан келган 200 дан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳслашди.

Дастлаб, параканоэ бўйича биринчи Осиё чемпионати ўтказилиб, унда Ўзбекистон спортчилари 2 олтин, 4 кумуш ва 2 бронза медалини қўлга киритиб, энг яхши натижани қайд этди.

Катталар ўртасида ўтказилган беллашувларда терма жамоа аъзолари 11 олтин, 10 кумуш ва 6 бронза медалини қўлга киритди.

Мусобақа давомида ўзбекистонликлар қозоғистонлик спортчилар асосий рақиб бўлди ва якунда улар 7 олтин, 7 кумуш, 4 бронза медалига эга бўлди. Мазкур баҳсларда Қирғизистон термаси аъзолари, Таиланд ва въетнамлик спортчилар ҳам муносиб иштирок этди.

Ўсмирлар ўртасидаги беллашувларда ҳам олтин медаллар учун юртимиз вакиллари ҳамда қозоғистонлик спортчилар ўртасида қизғин баҳс борди. Терма жамоамиз аъзолари 10 олтин, 14 тадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритди.