6−8 октябрь кунлари Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида дзюдо бўйича тўртинчи Гран-при бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоасидан ҳар бир вазн тоифасидан тўрт нафардан, жами 56 дзюдочи (28 эркак, 28 аёл) иштирок этади.

Беллашувлар 14 вазн тоифасида ўтказилади (эркаклар: -60 кг, -66 кг, -73 кг, -81 кг, -90 кг, -100 кг, +100 кг; аёллар: -48 кг, -52 кг, -57 кг, -63 кг, -70 кг, -78 кг, +78 кг). Мусобақа шартига кўра, совринли ўринлар қуйидагича тақсимланади: биринчи ўрин — олтин медаль ва 3000 доллар (дзюдочи — 2400, мураббий — 600), иккинчи ўрин — кумуш медаль ва 2000 доллар (дзюдочи — 1600, мураббий — 400), иккита учинчи ўрин — бронза медали ва ҳар бири 1000 доллардан (дзюдочи — 800, мураббий — 200).

Grand Prix Tashkent 2016 расмий постерида ўзбек дзюдочилари Гулноза Матниёзова (-70 кг), Абдулла Тангриев (-100 кг) ва Шарофиддин Лутфиллаев (-60 кг) тасвирланган.

Фото: ijf.com

Гран-при туркумидаги мусобақалар ҳар йили 10 давлатда ташкил этилади. Тошкент 2016 йилга қадар кетма-кет тўрт йил мазкур беллашувларни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.