Ўзбекистон Туркманистон билан кўплаб турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувга эришди. Гап машинасозлик, электротехник ва кимёвий маҳсулотлар, автомобиль маҳсулотлари, жумладан, автобуслар, махсус ва коммунал техникалар, пахта терувчи ва бошқа қишлоқ хўжалик техникалари, қурилиш материаллари, қайта ишланган мева-сабзавот ҳамда бошқа кўплаб маҳсулотлар ҳақида кетмоқда.

Шартномалар 26 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман қўшма комиссиясининг 12-йиғилишида имзоланди. Музокараларда Туркманистон делегациясига савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Довран Оразмирадов бошчилик қилди.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда ташқи савдо юкларини транзит ташишда ўзаро преференцияларни тақдим этиш йўли билан транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тошкент вагонсозлик ва таъмир заводи базасида туркман темир йўлларининг ҳаракатдаги таркибини модернизация қилиш ва таъмирлаш соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлик ҳамда иқтиқболли алоқалар қайд этилди.

Туркман авиапаркини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш, шу жумладан, Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси базасида самолётларнинг композит компонентларни таъмирлашни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Қарз муносабатлари, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда шартномавий-ҳуқуқий базани ривожлантириш борасида ҳамжиҳатликдаги сиёсатни юритиш каби масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман қўшма комиссияси 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги йиғилиш 2015 йилнинг 18−19 август кунлари Ашхободда бўлиб ўтган эди.

2015 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 319,7 млн долларни, жорий йил январь-август ойларида эса 177,1 млн долларни ташкил этди. Айни пайтда Ўзбекистонда туркман томони иштирокидаги еттита корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолиятидаги асосий соҳалар: савдо ва хизмат кўрсатиш, текстиль соҳаси, қоплама материаллар ва мебеллар ишлаб чиқариш саналади.

Туркманистон ҳудудида эса Ўзбекистон резидентлари иштирокида саноат маҳсулотларини туркман бозорига экспорт қилиш бўйича фаолият кўрсатувчи олтита корхона ташкил этилган.