25 сентябрь куни Тошкентда Аёллар теннис ассоциацияси (WTA) нинг халқаро мусобақаси квалификацияловчи финал босқичи якунига етди. Ўзбекистонлик Сабина Шарипова Tashkent Open асосий беллашувларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Дунё рейтингида 163-ўринни эгаллаб турган 22 ёшли Шарипова саралаш босқичининг сўнгги раундида украиналик 19 ёшли Ангелина Калинина (478)ни 6/3, 6/2 ҳисобига мағлубиятга учратди. Учрашув 1 соату 11 дақиқа давом этди. Бу вақтда Сабина учта эйс ва бешта брейкни амалга оширди. Унинг рақибаси эса фақатгина икки сетболни қайд этди.

Саралаш баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик тўрт теннисчи аёлдан Шарипова мусобақаларнинг асосий беллашувларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Унинг навбатдаги рақибаси — швейцариялик Штефани Фогеле (101). Мусобақа стартида Ўзбекистондан wild card тизими (спортчиларнинг умумий саралашларидан ўтмаган ҳолда алоҳида таклифнома) бўйича ўринга эга бўлган Камола Умарова ҳам иштирок этади.

Барча ўйинлар натижалари:

Хироко Кувата (Япония) — Катаржина Питер (Польша) — 6/2 7/6(0);

Сабина Шарипова (Ўзбекистон) — Ангелина Калинина (Украина) — 6/3 6/2;

Тереза Мартинцова (Чехия) — София Шапатова (Грузия) — 6/4 7/5;

Ипек Сойлу (Туркия) — Анкита Раина (Ҳиндистон) — 1/6 6/1 6/2.

WTA регламентига кўра, саралаш ғолибалари 18 балл ва 2220 доллардан, мағлубиятга учраганлар — 12 балл ва 1285 доллардан қўлга киритади.