Ўзбекистон Ҳукумат порталида бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг pm.gov.uz манзилидаги виртуал қабулхонаси иш бошлади.

«Сизда ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар борми? У ҳолда мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига 3 хил усулда: қўнғироқ қилиш, мурожаат юбориш ёки „O‘zLiDeP“ ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ташриф буюриш орқали юборишингиз мумкин», — дейилади сайтда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ариза, таклиф ва шикоятларни (0 800) 210−0000 ёки «1000» қисқа рақамларига қўнғироқ қилган ҳолда юбориш мумкин (қўнғироқ республика бўйича бепул бўлиб, ундан фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади).

Мурожаат қилувчилар сайт орқали мурожаат мақомини текширишлари мумкин.

Сайтда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари манзиллари ва алоқа рақамлари келтириб ўтилган.

Фуқароларнинг бош вазирга мурожаат юборишида электрон рақамли имзо бўлиши талаб қилинмайди.

«Газета.uz"нинг Вазирлар Маҳкамасидаги ахборот манбаси маълумотига кўра, ҳукумат вазирлик ва идоралар, жойлардаги давлат бошқаруви органлари раҳбарларига виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш мажбуриятини юклаган. Бунда муаммоли масалаларни ечиш масаласига алоҳида урғу қаратилган.