Хорижий давлат фуқаролигини қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин. «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунига ушбу тартибни кўзда тутган ўзгартишлар киритилди. Ўзгартишлар тўғрисидаги қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 22 августда қабул қилиниб, 25 августда Сенат тасдиғидан ўтди ва 23 сентябрь куни Президент в. б. Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Ўзгаришлар 24 сентябрдан кучга кирди.

Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилган шахс 30 кун ичида мазкур факт бўйича ички ишлар органлари ёки Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик идорасига хабар бериши шарт.

Қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг йўқотилиши сақланиб қолган:

  • шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;
  • агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;
  • агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса;
  • агар шахс чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони чиққан кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилади.

Бошқа ўзгартиш (26-модда)га кўра, чет эл фуқароси ҳисобланган бола бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эр-хотин томонидан фарзандликка олинаётган тақдирда, у фақатгина бошқа давлат фуқаролигидан чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаросига айланади.