Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ тарзда жиҳозланмаган транспорт воситаларини бошқарганлик учун жарималар кўламини кенгайтиришни кўзда тутган қўшимча киритилди. Президент в. б. 23 сентябрь куни ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Ўзгаришлар 24 сентябрдан кучга киради.

Кодекснинг янгиланган 125-моддасига мувофиқ, ўт ўчириш мосламаси, тиббиёт қутиси, авария тўхташ белгиси ва ёруғлик қайтарувчи нимча ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ойналарни синдириш учун болғача билан таъминланмаган транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг ½ баробари миқдори (1 октябрда ошганидан сўнг — 74887,5 сўм)да жаримага тортилади.

Бундан ташқари, мотошлемдан фойдаланиш талабига риоя қилмаслик ЭКИҲнинг 1/5 баробари миқдорида (1 октябрдан — 29955 сўм)ги жаримага тортилишига оид қоида эндиликда нафақат мотоцикл, балки мопед ҳайдовчилари учун ҳам тааллуқли бўлади.