Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевга қутлов мактубини йўллади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Си Цзиньпин ўз қутлов мактубида Хитой ва Ўзбекистонни доимо яқин қўшни, яхши дўст ва ҳар томонлама ишончли стратегик шериклар, деб билишини маълум қилди.

«Сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро ҳамкорлигимизнинг барча соҳалари жадал ривожланмоқда ва натижада қатор улкан ютуқларга эришилди», -дейилади мактубда.

«Айни пайтда халқаро ва минтақавий вазият мураккаб ва ўзгарувчан бўлиб, Хитой ва Ўзбекистон олдида умумий манфаатларимизни таъминлаш йўлида таҳдидлар кучайиб бормоқда. Хитой Ўзбекистон халқи танлаган йўлни ҳурмат қилади, мамлакатингизнинг ўзига хос тараққиёт йўлини қатъий маъқуллайди. Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий масалаларда янада мустаҳкам ўрин эгаллашига интилишини қўллаб-қувватлайди», — қайд этилади мактубда.

«Шу йилнинг июнь ойида Бухоро шаҳрига ташрифим давомида менга ҳамроҳлик қилганингизни яхши эслайман. Хитой — Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратаман ва Сиз билан яқин алоқаларни сақлаган ҳолда, давлат суверенитетини ҳимоя қилиш, хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш, «Бир қутб, бир йўл"ни биргаликда барпо этиш асосида серқирра амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Хитой — Ўзбекистон муносабатларини мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз фаровонлиги йўлида ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро мувофиқлик ва ҳамкорликни кучайтириш масаласида бир-биримизни қўллаб-қувватлашга доимо тайёрман» — таъкидлаб ўтди Си Цзиньпин.