Тожикистон ҳар доим Ўзбекистон билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш тарафдори бўлган. Бу ҳақда 19 сентябрь куни Тошкентда Тожикистон мустақиллиги кунига бағишлаб ўтказилган маросимда мамлакат элчиси Содиқ Имомий маълум қилди.

Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлик ва яқин қўшничилик анъаналари узоқ йиллик тарихга эга, икки мамлакат ўртасидаги мавжуд алоқалар имкониятлари эса чексиз, деди дипломатик ваколатхона раҳбари.

«Қардош Ўзбекистон ўз тарихининг янги босқичини бошдан кечирмоқда. Қўшниларимизнинг бугунги барча муваффақиятлари бевосита Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов номи билан боғланади, у кишининг бемаврид вафоти нафақат ўзбек халқи учун оғир жудолик бўлди, балки унинг дўстлари қалбини ҳам қайғуга кўмди», — деди Тожикистон элчиси.

Унинг қайд этишича, бугунги Тожикистон иқтисодиёт, ижтимоий ва маърифий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган дастур ва стратегияларни муваффақиятли амалга оширмоқда.

«Албатта, мазкур муваффақиятлар кенг халқаро ҳамкорлик, хорижий шерикларимиз, биринчи навбатда қўшни давлатлар кўмагисиз мазмун касб этмайди», — деди дипломат.