Миллий Олимпия қўмитасида 19 сентябрь куни Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди, дея хабар берди Миллий Олимпия қўмитаси матбуот ҳизмати. Тадбирни маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев олиб борди.

Мурод Алиев ўз сўзида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан 2013−2016 йиллар давомида Рио-2016 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш даврида камчиликларга йўл қўйилгани, энг аввало мураббийлар Кенгаши фаолият юритмаганлиги, ёш иқтидорли спортчиларни саралаш ишларига етарли даражада эътибор берилмаганлиги, айниқса федерация раҳбарияти мақсадли вазифалар қўймаганлиги сабабли қониқарсиз натижаларга эришилганини таъкидлаб ўтди ва бу масалалар танқидий кўриб чиқилди.

Маълумки, қиличбозлик мамлакатимизда ўз тарихи, ўз анъаналарига эга бўлган спорт турларидан ҳисобланади ва спортнинг ушбу турида ўз вақтида ҳамюртларимиз бир қатор юқори натижаларга эришишган. Жумладан биргина Собир Рўзиевнинг ўзи қиличбозлик бўйича жамоавий баҳсларда икки марта жаҳон чемпионлигига сазовор бўлган, бир мартадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган. Шунингдек 1976 ва 1980-йиллардаги Олимпия ўйинларида яккалик баҳсларида 4-ўринни эгаллаган. Жамоавий баҳсларда эса Москва олимпиадасининг кумуш медалига эга бўлган.

Мустақиллик йилларида уч нафар ўзбекистонлик спортчи Олимпия ўйинларида иштирок этди. 1996 йили Атлантада Рафкат Рўзиев рапира йўналишида, 2000 йил Сиднейда қизлардан Аниса Петрова ва 2012 йили Лондонда Руслан Кудаев шпага йўналишларида Олимпия ўйинларида қатнашди. Аммо 2016 йилги Олимпия ўйинларига спортнинг ушбу туридан бирорта ҳам лицензия қўлга киритилмади.

Конференция давомида шу пайтгача қиличбозлик федерациясини бошқариб келган, хизмат кўрсатган спорт устаси Собир Рўзиев сўзга чиқиб, бундан кейин федерация ишини янги босқичга олиб чиқиш, спортнинг ушбу турини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида федерация раислигига бош вазир ўринбосари Адхам Икрамов номзодини илгари сурди. Конференция иштирокчилари ушбу таклифни бир овоздан қабул қилишди ва Адҳам Икрамов Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раислигига сайланди.

Конференция давомида шунингдек федерацииядаги мавжуд муаммо ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, қиличбозлик спорт турини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, спорт турини оммавийлигини ошириш, туман, вилоят ва Республика мусобақаларини тизимли ўтказиш каби таклифлар киритилди. Ўз навбатида, яқин келажакка федерация олдига катта мақсадлар қўйилди. 2020 йилги Токио олимпиадасига нафақат лицензияларни қўлга киритиш, балки совринли ўринларни эгаллаш ва медалларга сазовор бўлиш устивор вазифа сифатида белгиланди.