19 сентябрь куни «Миллий тикланиш» Ўзбекистон миллий демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиш учун ҳужжатлар тўпламини тақдим қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар қилди.

Ўзбекистон Президенти сайлови 4 декабрда бўлиб ўтади. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, Ўзбекистон Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар. Мазкур Қонуннинг 24¹-моддасига биноан, Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномаси, Ўзбекистон Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозим.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.