Ўзбекистон Президенти в. б. Шавкат Мирзиёе 16 сентябрь куни Жиззах вилоятида бўлиб, ташкилий масалаларни кўриб чиққан эди.

Аввал хабар қилганимиздек, «фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани учун» 2009 йилдан буён Жиззах ҳокими сифатида иш юритиб келаётган Асрор Қобилов лавозимидан бўшатилди. Президент в. б. таклифи билан муқаддам Тошкент ҳокими бўлган Абдуқаҳҳор Тўхтаев янги ҳоким сифатида тасдиқланди.

Жиззах вилоят ҳокимияти ахборот хизматининг хабар қилишича, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Абдукарим Холматов ҳам лавозимидан четлатилиб, унинг ўрнига бунга қадар Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг агротехнологиялар бўйича биринчи ўринбосари Акрам Арипов тайинланди.

Жиззах туманига — Абдурашид Юлдашев (аввалги ҳоким — Акмал Абдуллаев), Арнасой тумани — Эргаш Салиев (Санақул Анкаев ҳоким в. б.), Зарбдор тумани — Хоразм вилоятининг собиқ ҳокими Ислом Бобожанов (Эргаш Ғайбуллаев), Зафарабод тумани — Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Алишер Исроилов (Эсанбек Абдурасулов), Пахтакор тумани — Иброҳим Қаршибоев (Ғофур Қаршибоев) тайинланди.

Худди шу куни Жиззах вилоятига янги прокурор — Шоҳмуҳаммадбек Мухамеджанов тайинланди. У Шуҳрат Акбаров ўрнига мазкур лавозимни эгаллади.