16 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида «Миллий тикланиш» партиясининг иштироки масалалари муҳокама қилинди, хабар берди партия матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод кўрсатиш таклифи пленум аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида кўриб чиқилди. Бу борада партия тарафдорлари ва фаоллари томонидан қўллаб-қувватланган партия Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Отамуратов Сарвар Садуллаевич съездда кўриб чиқиш учун партиядан Президент лавозимига номзод сифатида маъқулланди.

Сайлов қонунчилигига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига партия томонидан номзод кўрсатиш партиянинг олий органи — съезди томонидан амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, пленумда 15 октябрь куни партиянинг навбатдаги V съездини чақириш ва бу масалани съезд муҳокамасига қўйишга келишиб олинди.