15 сентябрь куни АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг қишлоқ хўжалигида қадриятлар занжири (AVC)ни ташкил этиш бўйича беш йиллик лойиҳаси очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унинг умумий қиймати 14 млн АҚШ долларини ташкил этади, дея хабар қилди «Газета.uz"га АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

Янги лойиҳа данакли мевалар, қовун, сабзавотлар ва узум етиштириш, уларни қайта ишлаш ҳамда сотиш бўйича барча жараёнларни яхшилашга йўналтирилган. Янги иш ўринларини яратиш, даромадлар, ҳосил ва мева сифати даражасини ошириш ҳам муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган.

АҚШ элчиси Памела Спратлен лойиҳа иш бошлаганини расман эълон қилиб, мева-сабзавотчиликнинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутгар ўрнини қайд этар экан, Ўзбеистон ҳукуматига лойиҳа бўйича яқин ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг 12 вилоятидаги 33 туманни қамраб олиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сифатини ошириш, ҳосилни сақлаш ва қайта ишлаш шароитларини яхшилаш, мамлакат ичида ва хорижда бозор муносабатларини, таълим муассасалари ҳамда хусусий сектор билан алоқаларни яратишга қаратилади.

Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб ўтган лойиҳа очилишига бағишланган маросимдан сўнг анъанавий узумчилик танлови ташкиллаштирилди. Унда иштирокчилар мазкур соҳага оид ахборотларни алмашиш, янги харидорларни жалб этиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан мулоҳазаларни ўртоқлашиш имконига эга бўлди.

Фото