Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳа ривожи билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда UzReport хабар қилди.

Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳри ҳамда Пахтакор, Зафарабод ва Дўстлик туманларида бўлди. Жиззах вилоят фаоллари билан учрашувда саноат соҳасини ривожлантириш, пахта ва кузги ҳосилни йиғиб олишни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши йиғилишида ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган Жиззах шаҳар ҳокими Асрор Қобилов вазифасидан озод этилди. У мазкур лавозимда 2009 йилдан бери фаолият юритиб келаётган эди.

Президент в. б. таклифи билан муқаддам Тошкент ҳокими бўлиб ишлаган Абдуқаҳҳор Тўхтаев Жиззахнинг янги ҳокими этиб тайинланди.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Абдукарим Холматов ва Жиззах вилояти прокурори Шуҳрат Акбаров (унинг ўрнини Шоҳмуҳаммадбек Мухамеджанов эгаллади), шунингдек, вилоятдаги бешта туман — Жиззах, Пахтакор, Арнасой, Зафаробод ва Зарбдор ҳокимлари вазифасидан озод этилди. Улар ўрнига янги номзодлар тасдиқланди.