Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тузилмасидаги уч комплекс қайта ташкил этилди, дея хабар қилмоқда мамлакат Ҳукумат портали. Бу ҳақдаги қарор 13 сентябрь куни мамлакат Президенти в. б. Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

  1. Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари комплекси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, таълим ва фан масалалари комплексига ўзгартирилди. Комплекс раҳбари — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов.
  2. Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплекси эса Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексига айлантирилди. Комплекс раҳбари — бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов.
  3. Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт комплекси (уни Мажит Каримов бошқарар эди) Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси бўлди. Абдулла Арипов комплекс раҳбари ва бош вазир ўринбосари этиб тайинланди.

Аввал хабар қилганимиздек, бошқа қарор билан Алишер Ваҳобов олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимидан четлатилди. Унинг ўрнига Рустам Қосимов тайинланди. Собиқ бош вазир ўриносари Мажит Каримов олий ва ўрта махсус таълим вазирининг илм-фан бўйича ўринбосари бўлди.