12 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида археолог олим, Япония Миллий этнология музейи фахрий профессори, «Дўстлик» ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси Кюдзо Като 94 ёшида вафот этди.

«Ўзбекистон тўғрисидаги кўплаб илмий ишлар муаллифи, япон профессори мамлакатимизнинг яқин дўсти эди ва ўзбек халқини севар эди. У ушбу заминни ўзининг иккинчи Ватани деб атарди», дея ёзади «Жаҳон» ахборот агентлиги олим ҳақида.

Ўтган асрнинг 60- йилларида Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрган Кюдзо Като ўлканинг қадимий тарихига катта қизиқиш билдирди ва япон-ўзбек ҳамкорлигини фаоллаштириш тарғиботчисига айланди.

25 йилдан зиёдроқ давр мобайнида Ўзбекистон Фанлар академияси ва турли илмий институтлари билан ҳамкорлик қилди, ҳар хил лойиҳаларда қатнашиб, Сурхондарё вилоятида археологик қазишмаларни (Далварзинтепа, Қоратепа, Холчаён, Фаёзтепа)ўтказди. Унинг тадқиқотлари натижалари Ўзбекистон тарихи бўйича мактаб дарсликларида ҳам ўз аксини топди.