Душанба куни Самарқандга ишчи ташриф билан келган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гулдаста қўйди.

Йиғилганларга мурожаат этар экан, Нусултон Назарбоев уни Ислом Каримов билан узоқ йиллар давомида мустаҳкам дўстлик, яқин ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш боғлаб турганини таъкидлаб ўтди.

«Аминманки, ўзбекистонликларнинг кейинги авлодлари, давлат раҳбарлари ҳар доим Ислом Каримовни хотирлайди. Унинг улуғвор мероси, давлат фаолиятидаги натижалари авлодлар томонидан ўрганилади, ишлари эса ўзбек халқи тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилади. У бутун дунёга таниқли эди, мамлакат иқтисодиётининг оёққа туриши ва ўсиши, халқ фаровонлигининг ошиши унинг номи билан боғлиқ. Биз буюк инсонни йўқотдик», — Қозоғистон Президенти сўзларидан иқтибос келтиради унинг матбуот хизмати.

Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Биринчи Президентининг икки қардош мамлакат ўртасидаги тарихий ва стратегик алоқаларнинг мустаҳкамланишидаги беқиёс ўрни ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Қозоқ ва ўзбек халқлари ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлаш йўлидан борган. Биз Ислом Каримов билан 1998 йили Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзолаганмиз ва муносабатларимиз доимо ушбу келишувга асосланган. Қозоғистон доимо ўзбек халқи билан бир сафда бўлган ва шундайлигича қолади, биз сизлар билан барча шодликларимизни бўлишиб, қийин дақиқаларда қайғудош бўламиз», — таъкидлади Қозоғистон раҳбари.

Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов оиласи билан ҳам учрашиб, Қозоғистон халқи ва шахсан ўз номидан уларга чуқур ҳамдардлик билдирди.