12 сентябрь куни Ўзбекистон масжидларида Қурбон ҳайити муносабати билан байрам намози ўқилди, хабар қилди Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.

Намозларда мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, мустақиллик туфайли исломий қадриятларнинг тикланиши ва ривожланиши, диний эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва эзгулик ишларига берилаётган юксак эътиборга шукроналик билдирилди ва дуолар қилинди.

Маърузаларда биринчи Президент Ислом Каримов етакчилигида мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, иқтисодиётда қатор тармоқлар ривожланиб, янгиларига асос солингани, ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилгани, масжид ва мадрасалар, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар диндорларга қайтариб берилиб, ибодатлар эмин-эркин амалга оширилаётгани қайд этилди.

Намозхонлар Аллоҳдан биринчи Президентнинг охиратини обод, жойларини фирдавс жаннатлардан қилишини сўраб илтижо қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан байрам муносабати билан ҳомийларни жалб этган ҳолда жойларда ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатилди. «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саҳоват» уйларига зиёратлар ва ҳайрия тадбирлари уюштирилди.

Республикада фаолият юритаётган йирик диний конфессия раҳбарлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб, барча мусулмонларни муқаддас Қурбон ҳайити билан табрикладилар.

Айни вақтда Саудия Арабистонида ҳаж сафаридаги ўзбекистонликлар ушбу муқаддас амални бажармоқдалар. 12 сентябрь куни саҳарда ҳожилар Муздалифадан Мино водийсидаги чодирли шаҳарчага қайтиб келдилар. Эндиликда улар Жаморотда ва «Масжиди ҳарам"даги амалларни бажариб, қурбонлик келтирадилар ҳамда ҳаж амалларининг асосий қисмини якунлайдилар.