Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 6 сентябрь куни Қамчиқ довони ҳудудидаги янги «Ангрен-Поп» темир йўлида йўловчи вагонида ёнғин билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва содир бўлганда оқибатларини бартараф этиш бўйича махсус-тактик ўқув машқини ўтказди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўқув машқлари давомида поезд машинисти, унинг ёрдамчиси, вагон ходимларининг ахборот бериш ва йўловчиларни эвакуация қилиш, ёнғинни ўчириш навбатчи гуруҳларининг ёнғин тарқалишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ҳодиса жойини ўраб олиш, одамларни қидириш ва эвакуация қилиш, жабрланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни шифохоналарга ётқизиш юзасидан амалга ошириши белгиланган ҳаракатлари кўриб чиқилди.

Шартли ёнғин ўчоқлари бартараф этилиб, қидирув-қутқарув ишлари ўтказилганидан сўнг Транспорт ички ишлар бўлими ходимлари ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг таъмирлаш бригадаси билан фавқулодда вазият сабабларини аниқлаш ҳамда темир йўл тармоғининг шикастланган қисмларини таъмирлаш бўйича чоралар ишлаб чиқилди.