Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган XV Паралимпия ўйинларининг иккинчи куни Ўзбекистон термаси ғазнаси яна уч медал билан бойиди. Бу ҳақда Миллий паралимпия қўмитаси «Газета.uz"га хабар қилди.

Мусобақаларнинг иккинчи куни Ўзбекистондан тўрт вакил иштирок этиб, уларнинг уч нафари совринли ўринларни эгаллади.

Дзюдочи Феруз Саидов 73 килограмм вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Унинг жамоадоши Шариф Ҳалилов эса 81 кг тоифадаги баҳсларда еттинчи бўлди. Худди шу спорт тури бўйича Турсунпошша Нурметова бронза медалига эга чиқди.

Тўппончадан 10 метрдан ўқ узиш мусобақаларида Сервер Ибрагимов саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

11 медал (3 олтин, 2 кумуш ва 6 бронза) билан Ўзбекистон миллий паралимпия термаси умумжамоа ҳисобида олтинчи ўринни банд этиб турибди. Кучли учликдан Хитой (48 медал), Буюк Британия (27) ва Украина (25) жой олган.

10 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 11 вакили Паралимпия совринлари учун баҳс олиб боради: дзюдо — Шуҳрат Бобоев, Ширин Шарипов, Одил Тулендибаев, Гулруҳ Раҳимова ва Хайтжон Алимова, енгил атлетика — Миран Сахатов ва Дониёр Солиев, сузиш — Фирдавс Мусабеков, Дмитрий Хорлин, Фотимахон Амилова ва Шоҳсанам Тошпўлатова.