12 сентябрь — Қурбон ҳайити байрами куни — дам олиш деб эълон қилинди. 9 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев шу ҳақдаги қарорни имзолади.

«Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 12 сентябрь душанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2016 йил 12 сентябрь мамлакатимизда дам олиш куни деб белгилансин ва байрам сифатида кенг нишонлансин», — дейилади ҳужжатда.

Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотларига Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, миллий қадриятларга мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.