8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида"ги масала кўриб чиқилди, хабар берди парламент палаталари ахборот хизматлари.

Мажлисда Сенат раиси Нигматилла Йўлдошев бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди. Мазкур таклиф Сенат Кенгаши томонидан маъқулланган.

«Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Т. Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар», — дейилади хабарда.

Қонунчилик палатаси ва Сенат Президентнинг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди.

Марказий сайлов комиссиясига «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилишини ташкил этиш тавсия қилинди.