12 сентябрдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат органларига мурожаат қилишда электрон рақамли имзо (ЭРИ)дан мажбурий фойдаланиш талаби жорий этилмоқда. Бу ҳақда порталда хабар қилинди.

Жисмоний шахсларнинг ЭРИ олиш жараёнини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Янги технологиялар илмий-ахборот марказининг «Электрон рақамли имзони олиш учун ариза юбориш» янги интерактив хизмати ишга туширилди.

Жисмоний шахслар аризани юборганидан ва ЭРИ учун тўловни амалга оширганидан бошлаб 5 кун ичида аризанинг кўриб чиқилганлиги бўйича хабарномани қабул қилиб олади. Ижобий натижа олинганида, жисмоний шахслар паспортининг асл нусхаси ва USB флеш-картаси билан яқин орадаги туман lавлат солиқ инспекциясига соат 9:00 дан 18:00 гача душанбадан жумагача ЭРИ сертификати ва калитини олиб кетиш учун ташриф буюришлари лозим.

ЭРИ калитини олиш учун тўлов (CLICK ва U-PAY тизимлари орқали ҳам қабул қилинади) ариза тақдим этилгандан уч кун давомида амалга оширилиши шарт. Тўлов миқдори у амалга ошириладиган кунга мувофиқ энг кам иш ҳақининг 10 фоизини ташкил қилади.