Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 7 сентябрь куни Япониянинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Итони қабул қилди, хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Элчи ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Нобуаки Ито Япония раҳбарияти номидан Ўзбекистон Ҳукумати ва халқига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди.

Вазир ҳамдардлик ва далда сўзлари ҳамда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган мотам маросимларида Япония Ҳукумати делегациясининг иштироки учун Элчига миннатдорчилик билдирди. Мулоқот давомида Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон Япония учун муҳим стратегик шерик ҳисобланади, — деди янги элчи дипломатик миссиянинг Facebook`даги саҳифасида. — Ўтган йилнинг октябрида ўн йил ичида илк бор амалдаги бош вазир Синдзо Абэ Ўзбекистонга расмий ташриф билан келганди… Биз келгусида ҳам икки томонлама муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш учун катта эътибор қаратишга тайёрмиз».

Япониянинг Ўзбекистондаги аввалги элчиси Фумухико Като эди.