7 сентябрь куни Рио-де-Жанейро (Бразилия)даги Олимпия ва Паралимпия шахарчасида Ўзбекистон байроғини кўтаришга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz"га Миллий паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Маросимда Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари, ХV ёзги Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси ва Рио-де-Жанейро вакиллари иштирок этди.

Олимпия ва Паралимпия шахарчаси мэри, баскетбол бўйича Бразилия термаси таркибида жаҳон чемпиони бўлган Жанет дус Сантуш Аркаин Ўзбекистон делегациясини Паралимпиадага ташрифи билан қаршилаб, уларга бўлғуси мусобақаларда омад ёр бўлишини тилади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Миллий паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Умид Ахмаджонов Олимпия ва Паралимпия шаҳарчаси мэрига миннатдорчилик билдириб, унга делегация номидан совғаларни тақдим этди.