Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 7 сентябрда «Боинг — фуқаро самолётлари» компанияси президенти Рэймонд Коннерни (суратда — ўнгда)қабул қилди, хабар берди ЎзА.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафоти муносабати билан Р.Коннер «Боинг» компанияси номидан Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

«Боинг» компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида эришилган юқори даражадаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганининг самараси экани таъкидланди.

Бугун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси айни пайтда 15 та «Боинг» самолётидан фойдаланмоқда. 31 август куни Миллий авиакомпания самолётлари сафига «Боинг-787 Дримлайнер» ҳаво кемаси ҳам қўшилди. Мазкур лайнер шу йилнинг 5 сентябридан Урганч, Бухоро ва Нукус шаҳарларига дастлабки парвозларни амалга оширган бўлса, келгуси ҳафтадан халқаро авиайўналишларга қатнай бошлайди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида эса Ўзбекистонга иккинчи «Дримлайнер» келтирилади.