Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йили Россияда бўладиган жаҳон чемпионати Осиё саралаш мусобақаси учинчи босқичининг иккинчи турида Қатар терма жамоасини мағлубиятга учратди, хабар қилди ЎзА.

Дохадаги «Ас-Садд» стадионида бўлиб ўтган учрашувнинг биринчи дақиқалариданоқ Ўзбекистон футболчилари ҳужумкор ўйин намойиш этиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Егор Кримец гол муаллифи бўлди.

Қўшимча қилиш жоизки, учрашув Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов хотирасига бир дақиқалик сукут билан бошланди, футболчилар эса майдонга мотам боғичлари билан чиқди.

Сурия ва Жанубий Корея, Хитой ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги учрашувларда ҳисоб очилмади. Шундай қилиб, Ўзбекистон футболчилари «А» гуруҳида икки тур якунлари бўйича пешқадамлик қилмоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси 6 октябрь кунига мўлжалланган навбатдаги тур учрашувини ўз майдонида эронлик футболчиларга қарши ўтказади.