АҚШ давлат котиби ўринбосарининг ёрдамчиси Даниел Розенблюм 5−6 сентябрь кунлари Тошкентга расмий ташриф билан келди. У Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Қўшма Штатлар ҳукумати номидан ҳамдардлик билдириш мақсадида ташриф буюрди.

«Ҳукумат номидан ўз ҳамдардлигимизни билдириш ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тарафдори эканимизни тасдиқлаш учун Тошкентда турибман», — деди Даниел Розенблюм журналистларга 6 сентябрь куни эрта тонгда Ўзбекистон пойтахтидан учиб кетиш арафасида.

Бир кун муқаддам у ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Сафоев билан учрашув ўтказди. Даниел Розенблюм Сенатда Ўзбекистоннинг Биринчи Президентини хотирлаб, Ҳамдардлик китобига ўз қайдларини қолдирди.