Тошкент автомобиль-йўллар институти Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш институтига айлантирилади. Бу Президент Ислом Каримовнинг 26 августда тасдиқланиб, 5 сентябрда Lex.uz сайтида эълон қилинган қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ОТМни қайта ташкил этишдан кўзланган мақсад автомобиль йўлларини қуриш ва Миллий автомагистраллар, шунингдек, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик йўлларни истиқболли ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштиришдан иборат.

Қарорга мувофиқ, Тошкент автомобиль-йўллар институтининг тугатилаётган ёки қайта ташкил этилаётган таълим йўналишлари ва мутахассисликларида таҳсил олаётган бакалавр ва магистратура талабалари тегишли Ўзбекистон ОТМларининг мос келувчи йўналишларига ўтказилади.

Тошкент автомобиль-йўллар институти 1972 йилда Тошкент политехника институтининг автомобиль-йўллар факультети базасида ташкил этилган.

Тугатилаётган ва қайта ташкил этилаётган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар рўйхати кейинроқ эълон қилинади.