6 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин 2 сентябрда ҳаётдан кўз юмган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни хотирлаш учун Самарқандга ташриф буюради.

РИА Новости хабарига кўра, бу ҳақда Россия раҳбари душанба куни «Йигирматалик гуруҳи» саммитида иштирок этиш учун Хитойга ташрифи якунлари бўйича бўлиб ўтган учрашувда журналистларга маълум қилган.

«Ўйлайманки, эртага видолашиш учун албатта бораман», — деди Владимир Путин.

У келгусида Россия ва Ўзбекистон муносабатлари ривожланишига умид билдираётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Умид қиламанки, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни қуриш режасидаги Ислом Каримов амалга оширган барча ишлар давом эттирилади ва келгусида янада ривожлантирилади. Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида оёққа туриши учун жуда кўп ишларни амалга оширди ва, ўйлайманки, унинг мамлакат учун қилганларини вақти келиб янада чуқурроқ тушуниб етамиз», — деди РФ Президенти.

«Ўзбекистоннинг янги тарихидаги турли вазиятларни ҳар хил баҳолаш мумкин, аммо у мамлакатдаги барқарорликни сақлай олди, у босқичма-босқич тараққиётни сақлай билди. Янги одамлар келиб, келгусида нима қилишни ҳал этади. Жуда истардимки, улар ҳам мен айтиб ўтган барқарорликни сақлашнинг уддасидан чиқади. Ўзбекистон сингари мамлакат учун бу ўта муҳим, бу ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва келгусида босқичма-босқич ривожланиш учун зарур», — қайд этиб ўтди Путин.