3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларида Биринчи Президент Ислом Каримов вафоти муносабати билан видолашув маросимлари бўлиб ўтди

ЎзА хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида мотам маросимлари ўтказилмоқда. Нукус шаҳар Ёшлар марказида бўлиб ўтган мотам маросимида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Нукус шаҳар ҳокимлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Андижон вилояти ҳокимлигида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Хотира хонаси» ташкил этилди. Бу ерда халқимизнинг мустақиллик йилларида Президент раҳнамолигида эришган улкан ютуқ ва марраларини акс эттирувчи фотосуратлар, давлат раҳбарининг китоблари ўрин олган. Улкан экран орқали Президент Ислом Каримовнинг Андижон вилоятига ташрифлари ва андижонликлар билан самимий суҳбатлари тасвирланган видеолавҳалар намойиш этилди. Вилоят марказидаги Бобур номидаги майдонда, туман ва шаҳарлар марказларида ўтказилган мотам маросимларида ўн минглаб фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига эҳтиром кўрсатди.

Термиз шаҳар Ёшлар маркази биносида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар Президентимиз хотирасига таъзим бажо келтирди.