Туркманистонда майдон ва хиёбонларга Ислом Каримов номи берилади. Бу ҳақда шанба куни Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти билан видолашувга бағишланган маросимда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов маълум қилди.

«Биз уни доимо хотирлаймиз… Нафақат пойтахт, балки бутун мамлакатдаги майдонлар, хиёбонларимиз Ислом Каримов номи билан аталади», — деди Туркманистон етакчиси. «Туркманистонликлар бугун мамлакатингизнинг энг яқин дўстлари сифатида, албатта, сиз билан биргаликда чин қалби билан ғамингизга шерик бўлмоқда», — қайд этди у.

Гурбангули Бердимуҳамедов Ислом Каримовнинг туркман-ўзбек муносабатлари ривожидаги хизматларини таъкидлаб ўтди. «Биз уни жуда яхши кўрар эдик. У Туркманистонда фахрий оқсоқоллардан эди. Ёшу кекса уни бирдек ҳурмат қилар эди», — деди Туркманистон Президенти.