РИА Новости, Жанна Манукян — Якшанба куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида «Йигирматалик гуруҳ» саммити ўз ишини бошлади. Форум мавзуси: «Инновацион, соғлом, ўзаро боғлиқ ва инклюзив жаҳон иқтисодиётини барпо этиш».

Хитой дунё иқтисодиётини ривожлантириш, янада самарали жаҳон иқтисодиёти ва молиявий бошқарув, халқаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда инклюзив ва ўзаро алоқадор тараққиёт учун янги йўлларни қидиришни ўз раислиги остидаги энг долзарб вазифалардан деб атади. Хитой томони фикрига кўра, мазкур вазифалар жаҳон иқтисодиёти талабларига жавоб бериб, Хитой тараққиётига мос тушади ва «инновациялар руҳи"ни намойиш этади.

ХХР раиси Си Цзиньпин саммитни очар экан, «катта йигирматалик» форумдан ҳақиқатдан ҳам таъсирчан механизмга айланиши учун нималар ўзгариши кераклигини маълум қилди.

«Биз очиқ жаҳон иқтисодиётини барпо этишимиз ҳамда савдо ва инвестицияларни соддалаштириш ва либераллаштиришдаги ҳамкорликни давом эттиришимиз лозим. „Йигирматалик“ янги протекционистик чораларни жорий этишдан воз кечиш, савдони рағбатлантириш бўйича ҳал қилувчи чораларни қўллаш юзасидан ўз мажбуриятларини адо этиши даркор», — қайд этди Хитой раҳбари ўзининг кириш нутқида.

«Йигирматалик гуруҳ» (G20) — глобал иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш учун тузилган етакчи форум ҳисобланади. G20 жаҳон ЯИМнинг 85 фоизлик улушига эгалик қилувчи йирик ривожланган ва ривожланаётган давлатларни бирлаштирган.