Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов 2 сентябрь куни Тошкентда 78 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Президент Ислом Каримовнинг вафот этгани тўғрисидаги ахбороти жума куни кечқурун барча теле ва радио каналлар орқали бир вақтда эълон қилинди.

«Юрагимизда чуқур қайғу билан барчамиз учун қадрли бўлган Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганини маълум қиламиз. Ислом Абдуғаниевич 2016 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди», — дейилади хабарда.

Сухандон томонидан ўқиб эшиттирилган тиббий хулосага кўра, Ислом Каримовнинг юраги маҳаллий вақт билан 20:15 да уришдан тўхтаган. Кўрилган интенсив жонлантириш чоралари ўз натижасини бермаган. 20:55 да биологик ўлим қайд этилган.

«Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан буюк тарихий шахс эди. Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.

Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди", — қайд этилади парламент ва ҳукумат хабарида.

Хабарда келтирилишича, Президент васиятига кўра, Ислом Каримов шу йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

3 сентябрдан Ўзбекистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.