Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб генетик модификацияланган организмларни (ГМО) аниқлаш соҳасида қуйидаги учта Давлатлараро стандартлар амалга киритилди. Бу ҳақда «Ўзстандарт» агентлиги маълум қилди.

Жорий этилган стандартлар халқаро ISO стандартларига айнан ўхшаш бўлиб, генетик модификацияланган организмларни ва ҳосила маҳсулотларни аниқлаш учун таҳлил усулларини ўз ичига олади. Бугунга қадар Ўзбекистонда ГМОдан фойдаланилган маҳсулотларни сертификатлашнинг ягона регламенти мавжуд эмас эди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Ислом Каримов томонидан 9 февралда тасдиқланган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида болалар озуқаларида ГМОдан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда таркибида ГМО мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва истеъмол қилишга чекловлар жорий этилган эди.