30 август куни эрта тонгда Ўзбекистон миллий термаси Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган XV Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун Бразилияга жўнаб кетди. «Тошкент» халқаро аэропортида паралимпиячиларни кузатишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг 32 паралимпиячиси спортнинг беш тури — дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича медаллар учун кураш олиб боради. Делегация аъзоларининг энг катта қисми — 12 нафари енгил атлетика (найза отиш, ядро улоқтириш ва югуриш) бўйича иштирок этади.

Терма жамоа таркибидан таниқли атлетлар билан бир қаторда жуда ёш, спортда илк бор катта мусобақаларда иштирок этаётганлар бор.

«Барча жамоанинг кайфияти ажойиб даражада, — деди ядро улоқтириш бўйича 2014 йилги Осиё ўйинлари чемпиони Мавлон Ҳайдаров. — Барчамиз энг яхши натижаларни намоён этиш ва имкон қадар кўпроқ медалларни қўлга киритишга тайёрмиз. Олимпиячиларимизнинг Бразилиядаги ғалабалари иштиёқимизни кўтаришга ёрдам берди».

Пойтахт аэропортида паралимпиячиларни кузатиш учун кўплаб расмий шахслар: бош вазир ўринбосари Мажит Каримов, Миллий авиакомпания бош директори Валерий Тян, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, спортчиларнинг қариндош ва яқинлари ташриф буюрди.